Яқинда Смоленскдан қайтдим. У ерда қидирув ташкилотларининг Бутуниттифоқ мувофиқлаштирувчи кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлди. Йиғилишда “Прометей” қидирув клуби фаолияти ҳам ижобий баҳоланди, айрим тадбирлар белгиланди.
Уч кун давом этган йиғилишдан сўнг кенгаш аъзолари уч группага бўлиниб, Вязьма, Сичев, Гагарин районларига йўл олишди. Мен Москва, Қозон, Киев, Запорожье, Керчь вилоят ва шаҳар қидирув ташкилотларининг раҳбарлари билан бирга Вязьмага кетдим.
Биз икки кун Вязьма ўрмонларида иш олиб бордик. Музлаган тупроқ остида урушда халок бўлиб, шу кунгача ном-нишонсиз ётган жангчилар суякларини қазиб олдик, ҳар бир хандақни синчковлик билан ўргандик.
Бу иш қанчалик мураккаб ва хавфли эканини ўша ердагина ҳис этдим. Минглаб ўт босган хандақлар кўздан кечирилганда ҳар қадамда мина қидирув аппарати сигнал бераётганини кўриб, олдимизда қандай оғир вазифа турганини англадим.
….1941 йил. Урушнинг дастлабки кунлари. Фашистлар Москва томон йўл олиб, қандай бўлмасин шаҳарни қўлга олишга интилишарди. Шунинг учун совет-герман фронтининг ғарбий йўналиши урушнинг марказий жойига айланган. Фашистлар энг кучли ва мустаҳкам ҳарбий қисмларини танлаб, қақшатқич зарбани шу ерга берардилар. Энг катта жанглардан бири айнан шу ерда содир бўлгани туфайли иккинчи жахон уруши тарихида Смоленск жанги деган ном олди.
Бу ҳарбий операция 1941 йил 10 июлда бошланди. Витебск ва Оршадан фашистларнинг катта танк группалари Смоленскка қараб йўл олди. Шу вақтнинг ўзида Великие Луки ва Рославль шаҳарларига ҳам кучли зарбалар берилди.
Бу билан душман Москва атрофидаги барча совет қўшинларини қуршовга олиб, йўқ қилишни режалаштирган эди. Қўшинларимиз олдида ягона вазифа турарди: қандай бўлмасин душманни Смоленск атрофида тўхтатиб, уни Москвага йўлатмаслик.
15 июль куни кечқурун фашистлар Смоленскнинг жанубий томонидан шаҳарга кирдилар. Шаҳар ичида ҳам жанг давом этди. Шуни айтиш керакки, Смоленск учун 5 совет дивизияси жанг олиб борган бўлса, уларга қарши 11 фашист дивизияси жанг қилди. Қўшинларимизга чекиниш тўғрисида буйруқ берилди. Бироқ кучли ва механизациялашган душман корпуслари чекинаётган қўшинларимиз йўлини тўсиб қўйиди. Аммо қуршовда қолган дивизияларимиз душманнинг 28 дивизиясини тўхтатиб қўйди ва уларга кеча-ю кундуз тинчлик бермади.
Ўша фожиали кунларда Ғарбий фронт қўмондони – аримия генерали Георгий Константинович Жуков қуршовда қолган қўшинларга ўз миннатдорчилигини билдириб, улардан яна уч-тўрт кун сабр қилишларини, душманни ушлаб туришларини сўради. Бу илтимосга қуршовдаги жангчиларимиз мисли кўрилмаган жасорат билан жавоб берадлар…
25 октябрь. Кайдаков қишлоқ марказига йўл олдик. Бу ерда уч группага бўлиниб, уч қишлоққа тарқалдик. Бизнинг группа Трошино қишлоғига йўл олди.
Қалин ўрмон ичига кириб, атрофни ўргана бошладик. Биз ниҳоятда эҳтиёт бўлдик. Чунки тупроқ остида қанчадан-қанча снаряд, мина ва гранаталар қолиб кетган. Ҳозирги кунда бу ўрмонларда фожиалар содир бўлмоқда, уруш бугун ҳам ўзини одамларга эслатаяпти…
Биринчи кун уч жангчининг суякларини қазиб олдик. Булардан ташқари жуда кўп қурол: – қилич, милтиқ, тўппонча, граната ва патронлар топилди. Шунингдек, от суяклари ва бир нечта тақа ҳам топдик.
Тахминан 50 метр ҳажмда тупроқ қазидик, шу ернинг ўзидан анча нарсалар чиқди. Демак, Вязьма ўрмонлари ҳудудини синчклаб текшириш керак.
Қоронғи туша бошлагач, ўрмондан чиқдик.
Кайдаков қишлоқ марказига келганимизда, ҳаммаёқ қоп-қоронғи, атроф жим-жит эди. Ўша куни бир группа ўртоқлар ўрмондан қайтишмади. Кейин билсак улар иккига ажралиб иш олиб боришаётган ва қоронғида бир-бирларини йўқотиб қўйишган экан.
Эртасига совуқ қотган, ҳолдан тойган шерикларимиз Вязьмада пайдо бўлишди. Улар йўлдан адашиб, сўнг қўшни қишлоққа бориб, ўша ерда тунашибди.
Шуни айтиш керакки, Вязьма қишлоқларида “қора изтопарлар” ҳам оз эмас экан. Уларни бошқача аташ ҳам мумкин. “Ўлжа изловчилар”, “чиябўрилар” ёки “қора қузғунлар”. Сўнгги йилларда улар кўпайиб бормоқда. Бизнинг қидирув ҳаракатимиз эса уларга ёқмаяпти. Чунки қидирув ташкилотлари уруш фожиалари, баъзида архивларда бўлмаган гувоҳликларни топаяпти.
“Қора изтопарлар” асосан 20-40 ёшлардаги кишилар бўлиб, улар орасида ўсмирлар ҳам учрайди. Ҳаммаси қуролланган. Улар тунда одамлардан яшириниб, ўрмондан қурол излайдилар, граната ва миналардан толь чиқариб олиб, бу хавфли моддани кўп миқдорда сақлайдилар. Энг даҳшатлиси шундаки, “қора изтопарлар” ҳалок бўлган жангчиларнинг суякларини оёқ ости қиладилар, бош суякларини эса дарахт шохларига осиб қўйиб, уларга ўқ узишади, айримлар эса сотади. Чунки “нурланувчи мусиқа” асбоб ускуналари орасида одам суяклари бебаҳо эмиш, улардан чироқлар ва кулдонлар ясашаркан. Шу билан бирга улар қидирув ташкилотларига ҳалақит беришади. Кўпинча қидирув группаларига ҳужум уюштириб, ўқ узишади, одамларни отишмаса-да, дўқ-пўписа қилишади. Яхшиямки, йўлдан адашган шерикларимиз “қора изтопарлар”га дуч келишмабди…
26 октябр. Биз яна ўша квадратда иш олиб бордик. Кучли ёмғир, шамолнинг тезлигидан дарахтлар эгилиб, ўрмон даҳшатли тусга кирган. Белкурак ва таёқларни ерга санчсак, тортиб ололмаймиз. Кескинроқ ҳаракат қилиш эса хавфли. Биз дарёни кечиб ўтиб, чуқур ботқоққа дуч келдик. Бу ерда кўпчилик ботқоққа ботиб қолди. Бир-биримизни қутқариб, уст-боши сув бўлганларни бошқалар елкаларида олиб боришди. Мана шундай оғир дамда рус, украин, белорус, яҳудий, чечен ҳамда ўзбек миллати вакилларидан ташкил топган группамиз бир оила фарзандидек яшади, қийинчиликларни биргалашиб енгдик.
Шу куни яна уч жангчининг суякларини топдик. Бир хандақ ичидан офицернинг нарсалари чиқди. Катта қилич ҳам бор. Бироқ топилган медальондан ҳеч қандай маълумот ололмадик. Чунки медальон ичига жойлаштирилган қоғоз чириб кетганди. Икки кун давомида ҳаммаси бўлиб 5 та медальон топилди, фақатгина биттасининг ичидаги қоғоз сақланган. Ҳозир бу медальон Москва вилояти Красногорск шаҳридаги қидирув марказининг экспертиза лабораториясида текширилмоқда.
Топилган суякларни лойдан тозалаб, ювдик. Сўнг тобутларга жойладик. Шахсий буюмлар Кайдаков қишлоқ тарихий музейига, қуроллар эса тегишли ерларга топширилди.
Бу ишни келаси йили ҳам давом эттиримоқчимиз. Ҳозир Бутуниттифоқ қидирув ишини бошқарадиган кенгаш аъзолари 60 кишидан иборат. Уларнинг барчаси қидирув ташкилотларининг раҳбарлари. Улар кўп йиллардан буён қанчадан-қанча уруш қаҳрамонларининг хотирасини абадийлаштириш ишига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Бундай меҳнат кўпчилик учун зерикарли бўлиши мумкин. Юзлаб мактубларга жавоб қайтариш, шу мактублар асосида қидирув ишлари ташкил қилиш керак. Мудофаа министрлигининг Марказий архиви кадрлар бошқармаси, Қизил ярим ой жамияти, Иттифоқимизнинг турли ташкилотлари, архивлар музейларга кўплаб хатлар ёзиш, улар билан мулоқотда бўлиш керак. Шундан кейингина натижа бўлиши мумкин. Ўшанда ҳам 100 кишининг тақдиридан 1-3 кишининг тақдиригина аниқланади.
Дарҳақиқат, қидирув иши билан шуғулланиш учун меҳр-шафқат, сабр-матонат, мустаҳкам ирода керак. Смоленск тупроқларида минглаб ўрта осиёлик жангчилар ётибди. Украинанинг биргина Чернигов вилоятида 2000 нафардан ортиқ ўзбек жангчилари абадий қолишган. Новгород вилоятининг Мясной Бор қишлоғида 2 – Зарбдор армиянинг жангчилари, шунингдек, ўзбеклар ҳам бир умрга ботқоқларда қолиб кетган. Уларнинг суяклари, муқаддас ҳоки Иттифоқимизнинг турли шаҳарларидан келган фидойилар томонидан қардошлик қабристонларига келтирилмоқда, улар хотирасига ёдгорликлар ўрнатилмоқда.
Смоленскдан бир сумка темир-терсак билан қайтдим. Ўзим қазиб очган хандақни номаълум жангчининг каскаси, бир неча патрон, товоқ, қошиқ, противогаз қолдиғини топдим. Отнинг тақасини ҳам олиб келдим. Эҳтимол бу тақа ўзбекистонлик жангчи минган отнинг тақасидир.
1990 йилнинг баҳорида Смоленскда дўстлар билан учрашиб, бошланган ишимизни давом эттириш ниятидамиз. Ўйлайманки, унгача клубимизга ёрдамчилар келиб қўшилади ва муқаддас ишга кўпчилик бўлиб киришамиз.
Олдимизда яна бир мураккаб вазифа турибди. У ҳам бўлса Хотира китобини яратиш. У шуниси билан мураккабки, китобга Ўзбекистондан урушга кетиб, ҳалок бўлган, мангуликка бош қўйган ҳар бир жангчининг номи киритилиши лозим. Ҳеч кимни унутмаслигимиз шарт. Бу ишда бизга кўнгиллилар кўмак беришади, деган умиддаман.
З.Эшмирзаева “Прометей” қидирув клубининг раҳбари.
Тошкент – Москва – Смоленск – Тошкент