Уруш фарзандлари Отамнинг қабри қаерда?

Пскентлик Маҳмуд Раҳмонов ҳам фронтга кетар экан, албатта қайтиб келишига ишонар, учинчи фарзандига ҳомиладор аёли Хосиятга “ Ўзингни, қизларимизни эҳтиёт қил. Мени кутинглар, албатта қайтаман ”, —дея хайрлашган эди…

Хосият ниҳоят ўғилли бўлди, яхши кунлар умидида, эрини соғ-омон кўриш илинжида исмини Омон қўйди. Қизлари бўй етиб , ўғил эр етди.Аммо, уруш солган алам онаизорнинг қалбини битмас дарду ғамга тўлдирди. Фарзандлари оилали, уйли жойли, Хосият эса ҳамон эрини дараклаб чарчамайди. Лоақал унга нима бўлганини билсам ҳам алам қилмасди дея фарёд чекарди муштипар аёл. Ота дийдорига зор фарзандлар оналари вафотидан кейин ҳам падари бузрукворидан бирор дарак чиқармикан деган умидда эдилар…

Шундай кунларнинг бирида улар Пскент туманининг “Меҳнат байроғи” газетасида чоп этилган Чернигов жангларида ҳалок бўлган аскарларнинг исм-фамилиялари орасидан оталари Маҳмуд Раҳмоновнинг номини ўқиб қолишади. Отасини умуман кўриш насиб этмаган Омон Маматовнинг ҳолати ҳеч ёдимдан чиқмайди. У “ Прометей ” клубига кириб келар экан кўз ёшларини ҳам, чуқур ҳаяжонини ҳам яширолмасди. Ахир бирор марта кўрмаган отасининг қабрини топишга, унга бош эгиб таъзим қилишга муштоқ фарзандлар меҳр-оқибатинининг ўлчови бормикин? Клуб ёрдамида Черниговга бориб отаси қабрини зиёрат қилган фарзандларнинг қувончи, самимий дил изҳорлари бизнинг саъй-ҳаракатларимиз зое кетмаётганини кўрсатар, бундан мамнун бўлиб яна ишимизга шўнғиб кетганимизни билмай қолардик. Аммо, афсус ҳар доим ҳам излаганларимиз топилавермас эди. Бизга умид билан мурожаат қилганларнинг қанча-қанчаси ўхшаш фамилияли аскарларни отаси ёки акаси бўлиб чиқишини жуда хоҳлашарди. Уларнинг умидсизликка тушган нигоҳларига боқиш эса бизга ҳам азоб эди. Агар уруш асорати шу даражада оғриқли бўлса, унинг даҳшатига чидаб берган жангчи аскарларимиз аҳволини тасаввур этишнинг ўзи ниҳоятда аламли эди.

Шу долғали йилларнинг дастлабки ойларидаёқ душманни Москвага яқинлаштирмаслик учун бўлган аёвсиз жангларда 173-, Сталинград остоналарида эса 77- дивизия деб юритилган Гвардия армияси сафларида бошқалар қатори ўзбекистонлик мард, жасур жангчилар ҳам кўп эди… Шу йилнинг сентябрида эса ушбу 77-гвардия ўқчи дивизияси Черниговни босқинчилардан озод қилишди.Ушбу дивизия Днепр бўйларида, Германиянинг қатор ҳудудларида, Эльба дарёси бўйларида, ҳатто Польшани озод қилишда ҳам мардонавор жанг олиб борди. Унинг сафларида жанг қилган аскарларнинг 68 нафари Қаҳрамон унвонига эга бўлишди. Жасур жангчилар қаторида бизнинг ватандошларимиз Улбўсин опанинг отаси Муҳаммадберди Қурбонов, Омон Маматовнинг отаси Махмуд Рахмонов ҳам бор эди…Уларнинг Улбўсин, Омон каби фарзандлари эса орадан 50 йил ўтиб “ Прометей” клубига умид боғлаб келишди, ниятлари оталари қабрини, хоки-пойини кўзга суртиб тавоф этиш эди. Қувонарлиси, уларнинг армонлари ушалди, 1986 йили аввал Киевга самолётда, сўнг Черниговга бориб оталари мангу қўним топган жойларни зиёрат қилишди.

Ажабланарлиси, бир тумандан фронтга кетган икки аскар Маҳмуд Раҳмонов ва Маматқул Ҳайдаров бир қабрда ётишар, деярли ярим асрдан буён яқинлари бундан бехабар эди…

Яна бир қабрда эса бир қишлоқлик Муҳаммадберди Қурбонов ва Раим Пармонов ётишар, улар ҳам бир кунда урушга кетиб, бир дивизия, бир полкда жанг қилишган ва бир кунда қаҳрамонларча ҳалок бўлишган эди. Бу тўрт нафар аскарнинг фарзандлари эса орадан 50 йил ўтиб шу ерда учрашишди…

Шу пайтлардаги яна бир манзара ҳеч кўз олдимдан кетмайди: Бу ерларнинг тупроғи қора, намчил. Кимдир уни қадоқ қўллари билан тирнаб, ҳовучини тўлдиради, кўзига суртиб ўпмоқда.

Кўз ёшлари тупроққа сингиб бармоқлари орасидан қабр узра тўкилмоқда… Ўрта чирчиқлик Зиёвуддин ота Мусаев ўзининг ёлғиз жигарбандини, акасини 44 йилдан буён энди топди.

Редьковка қишлоғидаги бу қабр эгаси шу бугун гўё жон жигари келганини пайқаб хўрсинаётгандек қабрдан енгил ҳовур кўтарилади, укасининг қўлларидаги тупроқдан майингина бўй таралади…

Ҳа, клубимиз аъзолари қондошлари хокини ҳовучига олиб рўмолчасига оҳиста тугаётган , уларнинг қабрлари устига Ўзбекистоннинг сарғиш жигарранг тупроғини сочаётган зиёратчиларга боқиб, бу хайрли ишларининг самарасини кўргандек таскин топишади.

Октябр ойидан бошлаб бу ерларга келган аскарларнинг яқинлари 29 нафарга етди. Ҳали нафақат Украинада, балки Россиянинг кўпгина шаҳарларида ўзбекистонлик жангчиларнинг қабрлари бор.

Уларни кута-кута умри куйган жигарлари ҳаққи-ҳурмати биз шу кунгача бедарак кетган, номалум аскарлар қабрларини аниқлашимиз, соғинч ўтида ёнган юракларга малҳам топишимиз керак…

Биз ҳамон изланишдамиз. Натижада Курскда, Белгородда, Орёл шаҳарларида ҳам ватандошларимиз хоки ётганини аниқладик. Чернигов эса бизнинг юзлаб аскарларимиз хокини бағрида сақлаб келмоқда. Зеро, улар шу ерларни босқинчилардан ҳимоя қиламиз деб жонларидан кечишган. Биргина Александровка қишлоғида 35 нафар ватандош аскарларимиз қабрлари бор. Сирдарёдан Боймирза Аҳмадқулов, Мамадали Камолов, Курта Худойбердиев, Фарғонадан Ибрагим Алимов, Хоразмдан Карим Бобожонов ва яна қанча-қанча йигитларимиз бу ерларга гулдек ёшлигини қолдириб, жонларини қурбон қилишган. Бу ўринда мен яна Чернигов ерларида қолиб кетган неча юзлаб аскарларимизнинг номини тиклашга жуда катта ёрдами теккан полковник Владимир Драгуновни эсламай иложим йўқ. Унинг жасорати беқиёс.

“ Прометей” қидирувчиларининг фаолияти ҳақида икки оғиз сўз: албатта уларнинг ишини шанбалик иштирокчиларининг иши билан солиштириб бўлмайди. Шу маънода қидирувчиларнинг ўта мураккаб ва заҳматли меҳнатларини таъкидламоқчиман. Қидирувчи аввало сабрли, матонатли, билимли, яъни тадқиқотчи ва тарихчи, шунингдек мустаҳкам иродали бўлиши керак. Кези келганда яна бир воқеани сабоқ маъносида айтмоқчиман:

Асли қўқонлик бўлган Акром Ҳамдамов Сталинград учун бўлган жангларда қатнашган.У 90-махсус ўқчи бригадаси капитани, сиёсий масалалар бўйича командир ўринбосари эди. Ушбу бригада ва яна 94-ўқчи бригада аъзолари асосан ўзбекистонликлардан иборат бўлган. Уларнинг жанговар топшириқларни матонат билан бажаришлари, жангчи ва офицерларнинг жасорати ҳақида фронт газеталарида ёзилган эди…

Акрам Ҳамдамовнинг ўғли Гайрат эса отасини 1943 йилда бедарак йўқолганини билади холос. Лекин қаерда, қандай йўқолган : бу номаълум. Мана икки йилдирки , Акрам Ҳамдамов ҳақида ҳеч қандай маълумот тополмаймиз.Волгоградда унинг қабри йўқ, Сталинград билан боғлиқ ҳужжатларда исм-фамилияси учрамайди. СССР Мудофаа Вазирлиги архиви ва Кадрлар бўйича Бош бошқарманинг жавоблари эса номигагина айтилган: рўйхатда йўқ, номаълум, сақланмаган…

Ахир 90-бригада бўлганку, демак Хамдамов ҳам бўлган…Яна Волгоградга хат ёзишлар, яна қайта текшириш, аниқлаш, ёрдам бериш ҳақидаги илтимосномалар…

Фақатгина генерал Пекарскийгина бизга асосли маълумот беролди. У “ Сталинград жанги қаҳрамонлари” ёдгорлик мажмуаси директори эди.Унинг маслаҳати билан Ростов вилоятига яна хат юбордик. Маълум бўлишича капитан Акром Хамдамов 1943 йилнинг 7-январида Сталинград учун Ростов вилояти ҳудудида бўлган жангларда ҳалок бўлган экан. У ерда бизнинг Елена Стемпковская исмли ажойиб ватандошимиз ҳам ҳалок бўлган эди. Шундан кейин Ростовдан ҳам ҳеч қандай хат-хабар ололмадик. Лекин яхши одамлар кўп. Улар ёрдамида архивлар қайта кўтарилиб, Акрам Ҳамдамовнинг қабри топилишига ишонамиз…

Ўрни келганда яна бир аянчли воқеани айтиб бермоқчиман.Одамларнинг лоқайдлиги туфайли дили қаттиқ ранжиган 82 ёшли фарғоналик Юсуфжон ота Узоқовнинг ҳикояси ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. У “ Прометей”чилардан нажот истаб келгани шундоққина кўриниб турарди. Уч соат давомида жабрдийда жангчининг ҳаёт йўлини тинглаб туриб , унга астойдил ачинганимиз рост. Отанинг айтишича, фронтда Австрия, Югославия, Руминияни фашистлардан озод қилишда қатнашган, ҳатто Берлингача борган собиқ жангчи уйига қайтар чоғи йўлда барча ҳужжатларини йўқотиб қўяди. Шу пайтларда уни қидириб топишни ҳам ўйлаб кўрмаган жангчи уй-жой, бола-чақа билан андармон бўлиб умри ўтиб қолганини ҳам сезмай қолади.

Маънавий кўрлик – энг ёмон иллат.Биз бундан қутулишимиз учун аввало ўтмишимизни, тарихимизни ҳурмат қилишни ўрганишимиз керак. Баъзилар аксинча ёшларни ўтмиш воқеаларидан эҳтиёт қилишмоқчи бўлишади.Аслида, ҳар бир воқеликдан сабоқ олишни, хулоса чиқаришни ўргатишимиз лозим эмасми? Ўтмишини билмаган, ҳурмат қилмаган авлод келажакда худбинлик, манқуртлик иллатига дучор бўлишини наҳотки англамаймиз?! Ва бунда биз катталар айбдор бўлиб қолмаймизми? Аксарият ёшларимиз ўтмиш воқеликларини, айниқса машъум уруш тафсилотларини аниқ тушунолмасликларидан нолишади. Уларга жангчи тақдири, асирлик азоблари, ватан учун жонини қурбон қилиш жасорати ҳақида далиллар билан сўзлаб бериш, бунинг учун уруш қатнашчилари, фахрийлари билан суҳбатлар уюштириш айни муддао бўларди.

Шундагина машъум уруш қурбонлари хотираси олдида виждонимиз пок, ёшларимиз эса маънавият, одоб-ахлоқ , қадриятларимизга ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари руҳида тарбия топган,камолга етган бўлишарди…

“Прометей” қидирув экспедицияси раҳбари З.Эшмирзаева

1990 йил