Кириш сўзи

Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди «PROMETEY.uz» веб сайтини ташкил қилди. Мазкур сайтнинг асосий мақсад ва вазифалари: Иккинчи жаҳон уруши фронтларида ҳалок бўлган ўзбек аскарларининг дафн этилган жойларини топиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, уруш йилларида бедарак йўқолган ватандошларимизнинг тақдирларига ойдинлик киритиш, ҳамюртларимизнинг Россия Федерациясидаги Қидирув бирлашмалари ассоцияцияси томонидан олиб бориладиган Хотира тадбирларида қатнашиш.
Ушбу сайтни яратишда қарийб 36 йилдан бери иш олиб бораётган Ўзбекистон «ПРОМЕТЕЙ» ватанпарварлик қидирув экспедициясининг узоқ йиллик тажрибаси асос бўлиб хизмат қилди. 1984 йилда Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларини ҳимоя қилиш “Ёдгорлик”жамияти қошида ташкил этилган «ПРОМЕТЕЙ» экспедицияси ўзбек жангчиларининг дафн этилган жойларини қидириб топиш ишларини амалга оширди, қурбонларнинг яқинлари ва қариндошлари учун, уларнинг оталари ва боболарининг қабрларини зиёрат қилиш учун Россия, Украина ва Белоруссия давлатларига сафарлар уюштирди. Шу билан биргаликда экспедиция Ўзбекистон “Хотира Китоби”нинг яратилишига ўзининг бекиёс ҳиссасини қўшди.
1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг Фармони билан ташкил этилган Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоати фонди “Ёдгорлик“ жамиятининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. “ПРОМЕТЕЙ” экспедициясининг ташкилотчиси ва доимий раҳбари Зарифа Араббаевна Эшмирзаева бутун умри давомида маданий мерос соҳасида фаолият юритиб келмоқда ва “ПРОМЕТЕЙ” экспедицияси ҳам “Олтин мерос” фондининг муҳим ва ажралмас йўналишларидан бири ҳисобланади.
2020 йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғалаба Боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” ПҚ-4820-сонли қарори имзоланди. Унда “ПРОМЕТЕЙ” экспедициясининг иши алоҳида йўналиш сифатида қайд этилган ва тасдиқланган бўлиб, қатор вазирлик ва идораларга унинг ишида ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилган. Халқаро “Олтин мерос” фонди бизнинг ишимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ва мамлакатимиз раҳбариятига самимий миннатдорлик билдиради.
Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди “PROMETEY.uz” веб сайтига самарали фаолият юритишини тилаб қолади ва Иккинчи Жахон урушида ҳалок бўлган ва бедарак кетган ватандошларимиз хотирасини эъзозлайдиган ва қадрлайдиган ташкилотлар ва шахсларни ҳамкорлик қилишга таклиф этади.
Хотира муқаддасдир! Жасорат Абадий!

Амирқул Каримов,
Халқаро “Олтин мерос” хайрия
жамоат фонди бошқаруви раиси

 

Улуг Ота

 

Юлий Михайлович 1924 йилнинг 5 май куни Ростов вилоятининг Зерноградский туманида таваллуд топган. У ўн олти ёшга кирган маҳал ҲҲК ихтисослаштирилган мактабида таълим олаётган эди, бир йилдан сўнг, 1941 йилда у кўнгиллилар сафида фронтга кетди.

“Менинг катта акаларим жанг қилаётган эди. Ота-онам госпитальда ишлар эдилар. 1942 йилда мен чала тайёр учувчи эдим, лекин немислар фронтни ёриб ўтдилар ва мен военкоматга мени жанг майдонига юборишларини илтимос қилиб келдим”, – Иконников Ю.М.

Ҳарбий билим юртининг жадаллаштирилган ўқув курсини тамомлагач, у 1943 йилнинг кузида Керч ярим оролида Алоҳида 51-чи Армия таркибида лейтенант унвонида хизмат қилди, ундан сўнг пехотада взвод командири бўлиб, шунингдек, 32-гвардиячи Таман ўқчи дивизиясида ўқчилар батальонининг комсомол ташкилотчиси сифатида ишлади. Севастополь учун олиб борилган жангларда қатнашди. Икки маротаба оғир жароҳат олди, госпитальда даволанди.

“Сўнгра Литва ва Кенигсбергда жанглар бўлди. Ғалабани госпитальда қарши олдим”, – Иконников Ю.М.

Уруш якунланганидан сўнг орадан йигирма йил ўтди. Сочларига оқ тушган Юлий Иконников қадрдон дивизиясининг жанглар ўтган йўли бўйлаб сафарга отланади. Ва фронт хотираси ҳеч қачон сўнмаслигига ишонч ҳосил қилади.

“Уруш битгандан сўнг, мен бутун она еримиз бедарак йўқолган деб ҳисобланган аскарларимизнинг жасадлари билан қопланганлигини билиб туриб ҳотиржам яшай олмадим. Журналист бўлиб ишлаган пайтимда мен доимо бу мавзуни етакчи нашрларнинг саҳифаларида кўтарар эдим”, – Иконников Ю.М.

Мана шундай хотиралар ва мулоҳазалар юритиш натижасида бўлажак бирлашган қидирув ҳаракатининг асосчиси вужудга келди.
Юлий Михайловичнинг ташаббуси билан 1988 йили Калуга шаҳрида илк Умумиттифоқ изловчилар йиғилиши ташкил этилган эди. Ундан сўнг “Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар хотирасини муҳофаза қилиш бўйича халқ иттифоқи” Умумиттифоқ ташкилоти шакллантирилган бўлиб, унинг биринчи раиси Юлий Михайлович Иконниковнинг ўзи бўлди.
Юлий Михайлович Иконников изловчилар учун афсонавий шахс десак муболаға бўлмайди. У изловчилар орасида ҳар доим барча тан олган эътиборли киши бўлган.

Ёшига ва бетоблигига қарамай (оғир жароҳатлар ўз таъсирини кўрсатди), у шахсан кўплаб регионларга “Хотира Вахталари” да иштирок қилган, изловчилар билан бир қаторда ишлаган. У, долзарб мавзуларни муҳокама қилган, деярли ҳеч қачон айрилмайдиган кичкина диктофончасига изловчиларнинг ҳайратланарли ҳикояларини ёзиб олган, саволларга жавоб берган, ҳамда нафақат сўзда, балки ишда ҳам маслаҳат берган ҳолда, бутун тун мижжа қоқмай кўпгина йиғилишларда ўтириши мумкин эди.

“90-йилларда “Подвиг” альманахида юртимизнинг турли вилоятларидаги изловчилари ҳақида очеркларим тез-тез нашр қилинарди. Мен иккита китоб ёздим: изловчилар ҳақидаги “Связные истории” ва мен иштирок этган уруш ҳақидаги “Тревожные сны” китоблари.
Бутун ҳаётимнинг орзуси бўлиб “ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди” шиори ҳақиқатга айланишига эришиш эди…”, – Иконников Ю.М.

Юлий Михайлович Иконников 2000 йилда Москва шаҳрида вафот этди ва Калуга шаҳрида Хотира ҳарбий қабристонида дафн этилди.